ЁШЛАР ЎРТАСИДА СПОРТ ФЕСТИВАЛИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Спорт – бу соғлиқ, спорт бу ёшлик, у шаҳду шижоат, баркамоллик ва етуклик демакдир. Шу боисдан ҳам мамлакатимизда аҳоли ва ёшлар ўртасида спорт билан мунтазам равишда шуғулланишларини йўлга қўйиш, спорт майдончаларини янгидан таъмирлаш ва ёшларга кенг кўламли қулайликлар яратиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги "Ёш гвардиячилар" болалар ва ўсмирлар спорт мактабида Тошкент ҳарбий прокуратураси, Тошкент шаҳар "Қўриқлаш" бошқармаси масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда ёшлар фестивали ташкил этилди.
Жорий йилнинг апрел ойида Миллий гвардия тасарруфига ўтказилиб, унинг негизида "Ёш гвардиячилар" болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ташкил этилган ушбу спорт мактаби айни кунларда маҳаллий аҳоли ва ёш спортчиларнинг энг севимли масканларидан бирига айланиб улгурди. Ўқувчи ёшлар ўртасида ташкил этилган спорт фестивалида сўз олганлар Президентимиз раҳбарлигида ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг спорт билан шуғулланишлари учун муносиб шарт-шароитларни яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни алоҳида эътироф этдилар.
Юқори савияда ташкиллаштирилган спорт фестивалида 5 ёшдан 14 ёшгача бўлган спортчиларимиз турли йўналишлар бўйича ўз тенгдошлари ғолиблик учун жиддий баҳс олиб боришди.
Мазкур спорт мажмуасида нафақат спортчилар балки маҳалла ёшларининг ҳам спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун барча имкониятлар яратилган. Бу эса ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Қизғин баҳсларга бой ўтган фестиваль якунида ғолибларга ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари улашилди. Бу каби тадбирлар келгусида ёшлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга ҳамда ўзаро дўстона алоқаларни мустаҳкамлаб боришда муҳим аҳамият касб этади.
Саҳифадаги хатолар бўйича манзил:
Матн хато билан:
Сизнинг изохингиз ёки тўғри версия: