Янгиликлар

23 Декабрь 2023

ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ ОЙЛИГИ ДОИРАСИДА АМАЛИЙ МАШҒУЛОТ БЎЛИБ ЎТДИ

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Тошкент минтақавий ўқув маркази шахсий таркиби ва тингловчиларининг ёнғинлар ва фавқулодда вазиятлар юз берганда тўғри ҳаракатлана олиш борасидаги билимларини янада ошириш, ис газидан заҳарланиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаси масъул ходимлари билан ҳамкорликда амалий машғулот ўтказилди.
Мазкур машғулот давомида шахсий таркибнинг ёнғин содир бўлган фавқулодда ҳолатлардаги ҳаракатлари, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш каби долзарб мавзулар ҳақида сўз борди. Қизиқарли суҳбат асосида ташкил этилган мулоқотлардан сўнг ходимларга бирламчи ўт ўчириш воситаларидан фойдаланиш, фавқулодда вазиятлар бўлинмаларининг шахсий ҳимоя анжомлари намойиш этилиб,улардан фойдаланиш тартиблари амалий тарзда тушунтирилди.
Шунингдек, бу каби тадбир Андижон вилоятида ҳам ўтказилди. Машғулотлар Андижон вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилиб, мутахассислар ис газидан заҳарланишни олдини олиш, электр ва иссиқлик энергияси, кўмирдан хавфсиз ва оқилона фойдаланишда техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш бўйича маълумот бериб ўтди.
Ўқув машғулоти якунида Миллий гвардия раҳбарияти ташриф буюрган мутахассислар ва иштирокчиларга тизимда ёнғинларни олдини олиш профилактикаси бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бериб, шахсий таркибни яна бир бор сергакликка чақирди.