Янгиликлар

20 Апрель 2023

ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ҚУЛАЙЛИКЛАРИ АҲОЛИГА ЕТКАЗИЛМОҚДА

Хизмат самарадорлигини янада ошириш, фуқароларга мулкий турдаги жиноятларнинг олдини олишдаги Миллий гвардия "Қўриқлаш" бошқармасининг имкониятларини етказиш мақсадида, ҳудудлардаги жамоат жойлари, корхона ва ташкилотлар, ўқув муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда бозорларда аҳоли билан учрашувлар ўтказилиб, тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда.
Ана шундай навбатдаги тарғибот Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги "Қўрғон" ҳамда Жарқўрғон туманидаги "Сурхон соҳили" МФЙларда ташкил этилди. Бугунги кунда Шеробод туман "Қўриқлаш" бўлимининг техник қўриқлаш марказлари орқали 134 та халқ хўжалиги объектлари ва 110 та фуқаро хонадонлари, шунингдек, Жарқўрғон туманида 194 та объект ва 115 та хонадонлар ишончли қўриқланиб келинмоқда.

Тарғибот тадбирлари давомида "Қўриқлаш" хизматининг турлари, афзалликлари ва қулайликлари, ўрнатиладиган сигнализация ҳамда қўриқлов воситалари тўғрисида батафсил тушунчалар берилди.

Жойларда содир этилиши мумкин бўлган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда хавфсизликни таъминлаш муҳим масалалардан бири эканлиги таъкидланди. Хонадон ва савдо дўконларини техник қўриқлаш марказлари қўриғига топшириш, мол-мулк дахлсизлигининг муҳим омили эканлиги тушунтирилди. Вилоятда тарғибот ва ташвиқот ишлари кенг кўламда давом этмоқда.