Хизмат интизомни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасига қаратилган навбатдаги давра суҳбати бўлиб ўтди
Термиз шаҳрида Сурхондарё вилояти Қўриқлаш бошқармаси ходимлари иштирокида хизмат интизомни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасига қаратилган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Қўриқлаш бошқармаси раҳбарияти, шахсий хавфсизлик бўлими ҳамда Термиз шаҳар Қўриқлаш бўлими ходимлари иштирок этди. Унда ходимлар орасида содир этилиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олиш, коррупция ва фирибгарлик жиноятларига қарши курашиш масалалари юзасидан масъулларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган интизом бузилишлар ва уларга нисбатан кўрилган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилиб, бундай ҳолатларга йўл қўймаслик, хизматни белгиланган тартибда ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, учрашувда ходимларнинг маънавий савияси ва интеллектуал салоҳиятини янада юксалтиришни таъминлаш, бепарволик муҳитига барҳам бериш, тарбиявий ишлар кўламини кенгайтириш юзасидан масъул офицерларга тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди. Якунда шахсий таркиб ўзларини қизиқтирган саволлари ва масалалари юзасидан бошқарма раҳбариятидан батафсил жавоб ва маълумотлар олдилар.