ХИЗМАТ ИНТИЗОМИНИ КУЧАЙТИРИШ – ЯНАДА САМАРАЛИ ФАОЛИЯТГА АСОС БЎЛАДИ
Хизмат интизомини мустаҳкамлаш орқали ходимларнинг ишчалик қобилиятини кучайтириш, шахсий таркиб орасида юзага келиши мумкин бўлган турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олинишига сабаб бўлади. Бунинг учун эса ҳар бир ходим, офицердан то сержант ва сафдорлар таркибидаги ҳар бир тинчлик посбони ўз хизмат мажбуриятларини сидқидилдан, виждонан бажариши талаб этилади.
Куни кеча Тошкент шаҳар “Қўриқлаш” бошқармасида ташкил этилган очиқ мулоқотда хизматда қонунийликни таъминлаш, мол-мулкларни ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда раҳбар ва ходим, бошқа мансабдор шахслар орасида моддий манфаат эвазига бирор ишини битириб бериш, тамагирлик, коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш каби долзарб масалалар муҳокамалар марказида бўлди.
Тошкент ҳарбий прокуратураси масъуллари томонидан ўтган олти ой давомида ҳарбий хизматчи ва ходимлар орасида содир этилган салбий ҳолатлар, уларга олиб келган сабаблар ҳамда муаммолар ҳақида сўз борди.
Аввало, хизматда турли кўнгилсиз ҳолатларга дуч келмаслик учун ҳар бир ходим ўз мажбуриятлари билан бирга ваколатларини яхши англаши, фаолиятга доир қонунчиликка киритилган янгиликларни эса пухта ўзлаштириши талаб этилиши таъкидланди.
Ҳар қандай хизмат самарали ташкил этилиши учун биринчи навбатда хизмат интизомига қатъий амал қилиш лозимлиги тушунтирилди.