"ЖАСОРАТ – МИЛЛАТ ҒУРУРИ ВА ИФТИХОРИ" ШИОРИ ОСТИДА "УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ"
Бугун Тошкент шаҳар "Қўриқлаш" бошқармасида соҳа фахрийлари, шахсий таркиб, шунингдек Миллий гвардия ҳарбий-мусиқа академик лицейи ўқувчилари ва Жамоат хавфсизлиги университети курсантлари, Миллий гвардияга бириктирилган мактаб ўқувчилари иштирокида "Уч авлод учрашуви" бўлиб ўтди.
Даставвал, тадбир иштирокчилари яқинлашиб келаётган 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан, муқаддам "Қўриқлаш" хизмати тизимларида фаолият олиб бориб, хизмат даврида мардонавор вафот этган ходимлар шарафига ташкил этилган "Хотира бурчаги"га тантанали гул қўйишди. Шундан сўнг, меҳмонлар Тошкент шаҳар "Қўриқлаш" бошқармасининг Ахборот-таҳлил ва мониторинг маркази ҳамда тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ фаолияти билан яқиндан танишди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида “Жасорат – миллат ғурури ва ифтихори” шиори остида ёшлар билан учрашув ташкил этилди. Дастлаб, бир неча йиллар "Қўриқлаш" хизматида фаолият юритиб, 1990-1991 йилларда Республика "Қўриқлаш" бирлашмаси бошлиғи, шунингдек Фавқулодда вазиятлар вазири лавозимларида хизмат қилган, бугун ҳурмат ва эътирофга сазовор истеъфодаги генерал-майор Ёқубов Адхам Хасанович сўз олиб, мустақилликнинг дастлабки йилларидаги хизматнинг машаққати, "Қўриқлаш" фаолиятининг йўналишлари, моддий-техник базанинг ҳолати, ходимлар учун мавжуд бўлган шарт-шароитлар ҳақида атрофлича маълумот берди. Бугун "Қўриқлаш" сафларида хизмат қилаётган ходимларга эса ватанпарварлик ва шукроналик туйғулари шакллантириш ҳамда хизматнинг маҳорат сабоқларини берди. Миллий гвардия Фахрийлар кенгаши аъзолари эса ҳаёт ва меҳнат фаолияти давомида тўплаган бой тажрибаси, ёшлик давридаги ўзига хос қийинчиликлар, меҳнат палласидаги машаққатлар ва ҳозирги пайтда кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳақида дил сўзларини, самимий фикрларини билдиришди.
Шундан сўнг Миллий гвардия қўмондони ўринбосари полковник М.Ж.Ғаниев сўзга чиқиб, бугунги кунда тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шахсий таркиб хавфсиз ва самарали хизмат олиб бориши учун яратилаётган шароитлар, шунингдек, ходимларни ижтимоий қўллаб қувватлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкларини ишончли қўриқловини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жорий этилган замонавий технологиялар хусусида сўз юритди.
Учрашув давомида "Қўриқлаш" бош бошқармаси фаолиятига бағишланган видеоролик ҳамда Қўриқлаш бош бошқармаси ансамбль жамоаси томонидан ижро этилган Ватан, дўстлик, ёшликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар тадбир иштирокчиларига кўтаринки завқ бағишлади