Янгиликлар

29 Апрель 2024

ЁШЛАРНИ ҲАРБИЙ ВАТАНПАРВАРЛИК РУҲИДА ТАРБИЯЛАШ – ЭНГ МУҲИМ ВАЗИФА!

Ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ватанга бўлган муҳаббат ҳисини ошириш Миллий гвардия Фахрийлар кенгаши ҳамда ходимлари томонидан Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги 202 сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари иштирокида ҳарбий-ватанпарварлик тадбири ташкил этилди.
Тадбир аввалида ўқувчилар формали кийим-бош кийиш қоидаларига тўлиқ риоя этган ҳолда сафда туриш, юриш ҳамда қўшиқ айтиш бўйича ўзларнинг тайёргарлик даражасини намойиш этишди. Бошланғич синфлари ўқувчилари томонидан эса миллий куй-қўшиқлар, рақслар ижро этилди.
Шундан сўнг "Қўриқлаш" хизматида узоқ йиллар хизмат қилиб, бугун ҳурмат ва эътирофга сазовор фахрийлар ўзларнинг ҳаёти ва меҳнат фаолияти давомида тўплаган бой тажрибаси, ёшлик давридаги ўзига хос қийинчиликлар, меҳнат палласидаги машаққатлар ва ҳозирги пайтда кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳақида ўз дил сўзларини, самимий фикрларини билдиришди.
Мутахассислар томонидан эса "Қўриқлаш" хизматида яратилаётган шароитлар, ходимларнинг хизмат олиб бориш тартиби ҳамда соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар билан яқиндан таништирилди. Шунингдек, ёшларга ватанпарварлик, миллий армиямизга жисмонан бақувват ва маънан етук ёшлар зарурлиги, ҳарбий хизмат ҳар бир Ўзбекистон фуқароси учун муқаддас бурч экани ҳақидаги тушунчалар берилди.