Янгиликлар

24 Май 2024

“ЁШ ГВАРДИЯЧИ” СИНФЛАРИНИНГ ФАОЛИЯТИ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛАЁТГАНЛИГИ ЁШЛАРНИ КЕЛАЖАКДА ЮРТ КОРИГА ЯРАЙДИГАН КОМИЛ ИНСОНЛАР БЎЛИБ УЛҒАЙИШИДА МУҲИМ ТУРКИ БЎЛМОҚДА

Миллий гвардиянинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят "Қўриқлаш" бошқармаси ўсиб келаётган ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Жумладан, умумтаълим мактабларда “Ёш гвардиячи” синфларининг фаолияти йўлга қўйилаётганлиги ёшларни келажакда юрт корига ярайдиган комил инсонлар бўлиб улғайишида муҳим турки бўлмоқда.
Нуробод туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 61 умумтаълим мактабида ҳам “Ёш гвардиячи” ҳарбий-ватанпарварлик синфи очилди. Очилиш маросимида сўз олганлар, бугун ўсиб келаётган ёш авлод учун барча имконият эшиклари очиқ эканлиги, ёшлар бу каби имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ўқиб-изланиб, келажакда муносиб юрт ворислари бўлиб улғайиши, “Ёш гвардиячи” синфида ўқиётган ўқувчилар одоб-аҳлоқ, билим олиш, юртга садоқат, ватанга муҳаббат каби хислатлари билан тенгқурларига намуна бўлиши лозим эканлиги хусусида тўхталиб ўтди.
Каттақўрғон гарнизони ҳарбий оркестрининг мусиқа садолари остида бошланган тадбир, тумандаги 2 умумтаълим мактабининг раққоса қизлари ҳамда 4 умумтаълим мактаби ўқувчиларининг ҳарбий-жанговар чиқишларига уланиб кетди. Ўқувчилар томонидан намойиш этилган чиқишлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
“Ёш гвардиячи” ҳарбий-ватанпарварлик синфи ва ўқувчиларни ўқитиш тизими қандай олиб борилиши билан яқиндан танишиб, маълумотга эга бўлган ота-оналар фарзандлари келажакда мамлакат тақдирига дахлдор эканлиги ва ёшларга бугундан ишонч билдирилаётганлигидан фахрланди десак муболаға бўлмайди.
Шу куннинг ўзида вилоят "Қўриқлаш" бошқармаси мутахассислари томинидан ўқувчилар учун спортнинг камондан отиш тури бўйича маҳорат дарслари ҳам бошлаб юборилди.