ВАТАНПАРВАРЛИК ТАДБИРЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА
Ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама маънан ва жисмонан чуқур ақлий билимга эга бўлишлари учун юртимизда барча қулай имкониятлар яратиб берилган. Ёшларимизнинг ушбу имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ҳарбий-ватанпарварлик руҳида камол топиб, касб танлашда адашмасдан, дунёвий билимларни тўлиқ ўзлаштиришларида эса, юртимиз ҳимоячиларининг ҳам ўрни беқиёс.
Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда мамлакатимизда соғлом ҳамда баркамол авлодни тарбиялаш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, йигит-қизларимизни замон талабига жавоб берадиган етук малакали мутахассислар қилиб тайёрлаш борасида кенг кўламли хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу маънода, Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси, "Қўриқлаш" бошқармаси ҳамда ҳамкор куч тузилмалар томонидан ўқувчи-ёшлар учун ватанпарварлик тадбирлари ташкил этилди.
Унда Бухоро шаҳридаги 300 га яқин ўқувчи-ёшлар Миллий гвардия ходимлари билан учрашиб, ҳаёт тарзи билан яқиндан танишишди. Айниқса, тадбирга ташриф буюрган ёшлар, юрт посбонларининг энгидаги ҳарбий либоси, қўл жангидан кўргазмали чиқишлари ҳамда ватанга бўлган садоқатини кўриб, ҳарбий бўлишни дилларига тугиб қўйишди. Тадбир давомида, келгусида ўз олдига Миллий гвардиячи бўлишдек юксак мақсадни қўйган йигит-қизлар тажрибали мутахассислар билан дилдан мулоқот қилиш имконига эга бўлдилар. Самимий кечган ўзаро мулоқотлар чоғида ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.
Эътироф этиш жоизки, Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси, "Қўриқлаш" бошқармаси, Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши, ФВВ вилоят бошқармаси, Бухоро ҳарбий горнизони ҳамда "Ватанпарвар" ташкилоти томонидан ташкил этилган тадбир давомида ҳарбий хизматчилар томонидан тайёрланган кўргазмали чиқишлар, ҳарбий ҳамда "Ватанпарвар" ташкилотининг спорт қурол-аслаҳаларни томоша қилиш билан бир қаторда, камондан отиш ҳамда от спорти бўйича маҳорат дарсларида ҳам иштирок этдилар.
Тадбир давомида, истеъдодли ёшлар ҳамда ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирландилар.