Янгиликлар

15 Апрель 2023

ВАТАНГА СОДИҚЛИК УЧУН ҚАСАМЁД ТАДБИРЛАРИ БЎЛИБ ЎТДИ

Ҳар бир кишининг ҳаётида унутилмас, таассуротларга бой лаҳзалар ва воқеалар бўлади. Айниқса, алп қоматли йигитнинг кўпчилик олдида Ватанига, Президентига, халқига қилган қасамёди қалбига муҳрланиб қолади. Чунки қасамёд оддий сўзлардан иборат бўлмайди ёки у шунчаки овоз чиқариб ўқилмайди. Негаки, қасамёд юракнинг туб-тубидан нидо каби отилиб чиқади, у айтилаётганда бутун вужудни ҳис-ҳаяжон чулғаб олади.

Миллий гвардия Тошкент шаҳри бўйича бошқармасида бугун Миллий гвардия сафларида муддатли ҳарбий хизматни ўташга киришган аскарларнинг қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.

Аскарликни, ҳарбий кийим кийиб юртга фидойилик билан хизмат қилишни аҳд қилганларнинг қалблари ифтихорга лиммо-лим, билаклари кучга тўлган. Қисқаси, улар Ватанни ҳар қандай хавф-хатардан ҳимоя қилишга шай ҳарбийлардир.

Тадбирда ота-оналар, нуронийлар, кенг жамоатлик вакиллари иштирок этди. Қалбида Ватанга муҳаббат жўш уриб турган аскарлар Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи олдида она юртга, Президентга садоқат билан хизмат қилишга онт ичишди.

Бугунги қасамёд эртанги кунга, келажакка қўйилган қатъий қадамдир. Улар ўзлари учун аниқ мақсадни белгилаб олишди. Бу Ватанини, халқини турли хавф-хатарлардан ҳимоя қилиш, керак бўлса, бу йўлда жонидан ҳам воз кечишдир.
Ишонамизки, улар қилган қасамёдига содиқ қолишади. Ватан ҳимоячиси деган масъулиятли вазифани шараф билан оқлашади.