Янгиликлар

23 Июнь 2025

Фарғона вилояти Қўриқлаш бошқармасида стрессга қарши соғлом психологик иммунитетни шакллантиришга қаратилган давра суҳбати ва тренинг машғулотлари ўтказилди

Фарғона вилояти Қўриқлаш бошқармаси шахсий таркиби иштирокида хизмат давомида юзага келадиган руҳий босимлар, стресс ва турли мураккаб ҳолатларга нисбатан психологик чидамлиликни ошириш мақсадида амалий тадбирлар ташкил этилди.

Тадбирнинг илк қисмида "Стрессга қарши соғлом психологик иммунитет — самарали хизмат гарови" мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда тажрибали психологлар ва соҳанинг бошқа мутахассислари иштирок этиб, ходимларга руҳий босимларга қарши туриш, ички барқарорликни сақлаш ва ишбилармонлик муҳитини яратиш ҳақида тушунчалар беришди.

Шунингдек, тадбирнинг иккинчи қисми амалий машғулотларга бағишланди. Психологик машқлар, автотренинглар, визуал ва интерактив усуллар орқали иштирокчиларнинг эмоционал ҳолати билан иш олиб борилди. Турли амалий машқлар ва психологик тестлар эса иштирокчиларга ўз ҳолатини баҳолаш имкониятини яратди.

Тадбир сўнгида ходимлар ўз фикр ва таассуротлари билан ўртоқлашиб, бундай тренинглар хизмат самарадорлигини ошириш ва соғлом иш муҳитини яратишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.