ХИЗМАТ ИНТИЗОМИНИ МУСТАҲКАМЛАШ МАҚСАДИДА УЧРАШУВ ЎТКАЗИЛДИ
Миллий гвардия тизимида хизмат қилаётган ходимларнинг меҳнат қобилияти, иш самарадорлиги, турмуш шароитлари, ютуқлари ва муаммолари соҳа раҳбарлари томонидан мунтазам ўрганилиб, таҳлил қилиниб борилади.
Жумладан, куни кеча Самарқанд вилоятида Миллий гвардия "Қўриқлаш" бош бошқармаси раҳбарияти ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари билан ҳуқуқбузарлик профилактикаси ва жиноятчиликни, шунингдек турли хил қимор ўйинлари таъсирига тушиб қолишни олдини олишга қаратилган учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда "Қўриқлаш" бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари подполковник Б.С.Жумаев ҳамда хотин қизлар қўмитаси раиси подполковник Б.С.Ашурматова томонидан ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда виртуал оламда авж олаётган таваккалчиликка асосланган турли ўйинларнинг аянчли якуни ҳақидаги долзарб мавзулар борасида сўз борди. Шахсий таркиб орасидаги муаммоларни ўрганиш, уларни эрта аниқлаш ҳамда бартараф этиш мақсадида масъулларга зарурий кўрсатмалар ҳам берилди.
Бундан ташқари учрашувда ходимлар киберхавфсизлик маконида содир бўлаётган янгиликлар билан таништирилиб, конфиденциал маълумотлар билан ишлаш тартиби, шахсга оид ахборот субъектларининг ўз шахсий маълумотларини тақдим этишни рад этишнинг юридик оқибатлари ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлишди.