Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларнинг тарихий билимларини мустаҳкамлаш мақсадида музейларга ҳамда тарихий обидаларга саёҳатлар ташкил этилмоқда
Музейлар ҳар бир халқнинг маданий мероси, миллий маданияти, турмуши, урф–одатларини ўргатиш билан ёш авлодга миллий қадриятларимизни етказишда катта рол ўйнайди. Музейлар чин маънода илмий хазина бўлиб, унинг қадри йилдан йилга ошиб бораверади. Миллий гвардия Қорақалпоғистон Республикаси "Қўриқлаш" бошқармаси ходимлари томонидан Нукус шаҳридаги 32 сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари учун саёҳат уюштирилиб, ёшларга "Қўриқлаш" бошқармасида ташкил этилган музейдаги картина ва экспонатлар ҳақида маълумотлар бериб ўтилди.
Бундан ташқари, Миллий гвардия Бухоро вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси масъуллари томонидан болажонларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида "Арк" қўрғонига саёҳат ташкил этилди.
Ўтмиш ҳақида сўзловчи Бухоро амирлиги "Арк" қўрғонида, болажонлар воҳа ўтмишига оид кўҳна экспонатлар билан яқиндан танишишди, ўз навбатида мароқли маданий ҳордиқ ҳам чиқардилар. Ўзларини қизиқтирган саволларга эса музей ходимларидан батафсил жавоб олдилар.
Эътироф этиш жоизки, ёшлар маънавиятини янада юксалтиришга, билимини бойитишга хизмат қилувчи бу каби тадбирлар республикамизнинг барча ҳудудларида анъанавий тарзда давом эттирилмоқда.