Ходимларнинг китобхонликка бўлган қизиқишини ошириш, маънавий дунёсини бойитиш мақсадида китоб ярмаркаси ташкил этилди
Андижон вилояти Қўриқлаш бошқармаси шахсий таркибининг китобхонликка бўлган қизиқишини ошириш, маънавий дунёсини бойитиш ҳамда оилавий китобхонлик анъаналарини мустаҳкамлаш мақсадида Асака тумани Ахборот-кутубхона маркази ва “Китоб савдо” МЧЖ ҳамкорлигида китоб ярмаркаси ташкил этилди.
Ярмаркада турли ёш ва қизиқишларга мос бадиий, илмий-оммавий, болалар ҳамда тарбиявий адабиётлар кенг намойиш этилди. Тадбир давомида ходимлар нафақат ўзлари учун, балки фарзандлари ва оила аъзолари учун ҳам турли хил мазмунли китоблар харид қилдилар.
Ушбу ташаббус китобхонликни кенг тарғиб этиш, маънавий-маърифий муҳитни юксалтириш ва хизматчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга хизмат қилди. Ташкил этилган китоб ярмаркаси ходимлар орасида катта қизиқиш уйғотди ва бундай маънавий тадбирларнинг келгусида ҳам давомли бўлиши зарурлиги таъкидланди.