Янгиликлар

4 Апрель 2024

Сурхондарёда "Ёш гвардиячилар" ихтисослаштирилган синфлари сони ортмоқда

Ўқувчи ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган чора-тадбирлар доирасида Сурхондарё вилоятидаги умумтаълим мактабларида “Ёш гвардиячилар” ихтисослаштирилган синфлар фаолияти йўлга қўйилмоқда. Куни кеча Жарқўрғон туманидаги 2 та мактабда Миллий гвардия синфлари очилган бўлса, бугун Термиз туманидаги 3 сонли ҳамда 1 сонли умумтаълим мактабларида "Ёш гвардиячилар" ихтисослаштирилган синфлари ташкил этилди. Ушбу синфларнинг тантанали очилиш маросимида Миллий гвардия ва "Қўриқлаш" бошқармаси раҳбарияти, Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъуллари, маҳалла фаоллари, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар. Тадбир доирасида ўқувчиларда ҳарбийларга ҳавас, Ватанга садоқат, миллий анъана ва қадриятларга ҳурмат ва фахр туйғуларини ошириш мақсадида, Миллий гвардия ходимлари томонидан турли кўргазмали чиқишлар, ўқувчиларнинг саҳна кўринишлари намойиш этилиб, шеър ва рақслар ижро этилди. Маросимда иштирок этган меҳмонлар, таълим муассасасида ўқувчилар учун яратилган касб-ҳунар, фан ва спорт тўгараклари фаолияти, "Ёш гвардиячилар" синфи билан яқиндан танишиб, ўғил-қизлар билан суҳбат қилинди.
Айтиш керакки, Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Миллий гвардия вилоят бўйича бошқармалари ҳамкорлигида босқичма-босқич ташкил этилаётган бу каби синфлар ёшларнинг ҳарбий ҳаётга оид билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаб боришларига, ватанпарвар бўлиб вояга етишларига хизмат қилади.