МАКТАБЛАРДА ЎРГАНИШ ИШЛАРИНИ ОЛИБ БОРИЛМОҚДА
Президентимизнинг жорий йил 5 февраль кунидаги Миллий гвардияга юклатган қўшимча вазифалари ижросини таъминлаш мақсадида республикамиз бўйлаб барча таълим муассасаларида Миллий гвардия ходимлари ҳамда масъул идоралардан иборат ишчи гуруҳлар ўрганиш ишларини бошлашди.
Бунда, умумий ўрта таълим муассасаларида психологик муҳитни янада яхшилаш, ўқувчилар ўртасида ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш, қонун бузилишларга қарши иммунитетни шакллантириш мақсадида масъуллар томонидан тушунтириш-тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда.
Ходимлар томонидан дарс жараёнларига халақит бермаган тарзда, дарсларга сабабсиз қатнашмаётган ўқувчиларни аниқлаб, мактаб директорлари билан биргаликда, уларнинг ота-оналари билан ишлаш тизими йўлга қўйилди.
Шунингдек, ўқувчиларнинг қизиқишларини инобатга олган ҳолда спорт тўгараклари фаолияти, ҳарбий ватанпарварлик тадбирлари, турли хил интерактив ўйинлар ва киберспорт бўйича мусобақалар ташкил этилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ходимлар томонидан нафақат ўқувчиларнинг ўқув жараёнлари, шунингдек, ҳарбий-ватанпарварлик синфлари фаолияти сарҳисоб қилинмоқда. Мактабларда яратилган шароитлар, ўқув хоналарининг жиҳозланиши, иситиш тизими, спорт заллар фаолияти ҳам ўрганилиб, камчиликларни бартараф қилиш бўйича режалар белгилаб олинди.