Янгиликлар

22 Ноябрь 2024

Шовот туманида ватанпарварлик фестивали ўтказилди

Ёш авлод ва ҳарбий хизматчиларни бирлаштирган навбатдаги фестиваль Хоразм вилоятининг Шовот туманида ташкил этилди. Мазкур фестивалга Миллий гвардияга бириктирилган оталиққа олинган ўғил-қизлар, "Ёш гвардиячилар" синфларининг ўқувчилари ҳамда талабалар жалб этилди.
Ҳарбий оркестр садолари остида ёшларнинг Шовот тумани марказий кўчалари бўйлаб юриб ўтишидан бошланган тадбир Комилжон Отаниёзов номидаги истироҳат боғида давом этди.
Қурол-аслаҳа ва техникалар кўргазмаси, қўл жанги бўйича кўргазмали чиқишлар, шунингдек, спортнинг стол тенниси тури бўйича мусобақалар, камондан отиш бўйича ўтказилган маҳорат дарслари тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Куннинг иккинчи қисмида ташкил этилган Нукус гарнизони ҳарбий оркестри томонидан намойиш этилган концерт дастурида Ватан, садоқат, матонат ва жасорат тараннум этилиб, йиғилганларга байрамона кайфият бағишлади.
Шуни таъкидлаш жоизки, тадбир ҳам маънавий, ҳам маърифий онларга бойлиги билан аҳамиятли бўлди.