ҲУДУДЛАРДА ПРОФИЛАКТИК ВА ТАРҒИБОТ ТАДБИРЛАР ОЛИБ БОРИЛМОҚДА
Давлат объектлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулклари ҳамда аҳоли хонадонларини хавфсизлигини таъминлаш борасида "Қўриқлаш" хизмати томонидан кўплаб тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу эса аҳоли тинчлиги ва хотиржамлиги, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликни олдини олиб жамиятимиз фаровонлигини таъминламоқда.
Куни кеча "Қўриқлаш" бош бошқармасининг ҳудудий бўлинмалари томонидан вилоятлардаги аҳоли гавжум жойлар, йирик савдо мажмуалари, кўп қаватли уйлар олдилари ҳамда кўнгилочар масканларида "Қўриқлаш" хизмати афзалликлари юзасидан тарғибот тадбирлари бўлиб ўтди. Учрашувларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар ва фуқароларга қўриқлаш хизматининг афзалликлари, хизмат кўрсатиш турлари, тарифлари, яратилаётган имкониятлар ва соҳада ҳозирги кунда фойдаланилаётган замонавий технологиялар ҳамда ойлик тўловлар ҳақида маълумотлар берилди.
Якунда ўз хонадонларини ва тадбиркорлик объектларини қўриққа топшириш истагини билдирган фуқаролардан белгиланган тартибда аризалар қабул қилинди.