“Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 34 йиллиги муносабати билан Хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналарини қўриқлаш бўйича алоҳида батальонида “Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!” шиори остида маънавий-маърифий учрашув ташкил этилди.
Мазкур тадбирда батальон раҳбарияти ва ходимлари, шунингдек Тошкент давлат иқтисодиёт университети Инновацион менежмент кафедраси профессор-ўқитувчилари Д.Файзиева ва У.Кенжаевалар иштирок этишди. Учрашувнинг асосий мақсади – шахсий таркиб ўртасида ватанпарварлик руҳини юксалтириш, миллий қадриятларимиз ва давлат рамзларига ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш, шунингдек, уларнинг маънавий саводхонлигини оширишдан иборат бўлди.
Суҳбатлар давомида маърузачилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи мустақиллик ва суверенитет рамзи сифатидаги ўрни, унинг тарихи ва ҳар бир фуқаро учун қай даражада муқаддас тимсол эканлиги ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Ўтказилган тадбир иштирокчиларга миллий рамзларнинг қадр-қиммати, уларнинг жамият ҳаётидаги аҳамиятини янада чуқурроқ англашга ёрдам берди. Йиғилганларда ўз юрти, унинг тарихий мероси билан фахрланиш туйғуси кучайди.