Умумтаълим мактабларида режали текширув ишлари амалга оширилди
Ўқувчиларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, шунингдек, улар учун хавфсиз ва барқарор таълим муҳитини яратиш мақсадида Андижон вилояти Қўриқлаш бошқармаси раҳбарияти томонидан Андижон шаҳри ҳудудида жойлашган умумтаълим мактабларида режали текширув ишлари амалга оширилди.
Текширув жараёнида таълим муассасаларида хавфсизликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларнинг қай даражада ташкил этилгани, жумладан, қоровуллар томонидан мактаб ҳудудига бегона ва рухсатсиз шахсларни киритмаслик бўйича олиб борилаётган хизмат фаолияти атрофлича ўрганилди.
Шунингдек, мактаб биноларида ўрнатилган видеокузатув камералари, ташвиш тугмачалари ҳамда бошқа техник хавфсизлик воситаларининг техник ҳолати, узлуксиз ишлаши ва амалиётда самарали қўлланилаётгани қайтадан текшириб чиқилди. Аниқланган камчиликлар бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан топшириқлар белгиланди.
Мазкур текширувлар таълим муассасаларида хавфсизликни янада кучайтириш, эҳтимолий хавф-хатарларнинг олдини олиш ва ўқувчиларнинг хотиржам ҳамда хавфсиз таълим олишларини таъминлашга қаратилган бўлиб, бу каби тадбирлар келгусида ҳам тизимли равишда давом эттирилиши режалаштирилган.