Наманганда Исҳоқхон Тўра Ибрат хотирасига бағишланган тадбир ўтказилди
Куни кеча Наманган вилоятида ўтказилган хотира тадбирида юртимизнинг машҳур жадид фидойиси, олим ва маърифатпарвар Исҳоқхон Тўра Ибрат меросини ёдга олинди. Тадбирда Миллий гвардия Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари, "Қўриқлаш" бошқармаси ходимлари ҳамда вилоят фахрийлари иштирок этдилар.
Ташриф Исҳоқхон Ибрат хиёбонида бошланиб, тадбир иштирокчилари улуғ шахсга бағишланган ҳайкал пойига гулдасталар қўйишди. Шунингдек, тадбир давомида ёш ўқувчилар томонидан жадидлар хотирасига бағишланган чиқишлар намойиш этилди. Бу чиқишлар тадбирга ўзгача руҳ бахш этди, улар жадидчилик ҳаракати ва унинг мамлакатимиз тараққиётидаги аҳамиятини янада ёритиб берди.
Тадбир якунида ташриф буюрувчилар Исҳоқхон Ибрат музейи ва унинг таркибидаги Қатағон қурбонлари музейи билан танишиш имкониятига эга бўлишди. Музейда ўтмишдаги жадидлар ҳаракати, уларнинг қилган ишлари ва қурбонликлари ҳақида кўргазмали материаллар тақдим этилган бўлиб, бу маълумотлар орқали Ибрат каби буюк шахслар юртимизда илм-фан ва маърифатни ривожлантиришда катта роль ўйнаганини яна бир бор эслатиб ўтди.
Бу тадбир жадидчилик ҳаракатига бўлган ҳурмат ва эътиборни янада мустаҳкамлаб, ёш авлодга уларнинг унутилмас маънавий меросини етказишда муҳим аҳамият касб этди.