Наманганда дзюдо ва бокс бўйича очиқ турнир ўтказилди
Спорт – нафақат инсонларни соғлом қилиб тарбиялашга хизмат қилади, балки, ёшларни ҳар жиҳатда комил инсонлар этиб вояга етказишда ҳам муҳим манбадир. Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, ўғил-қизларнинг спорт тўгаракларига қизиқишлари ва орзу истакларини рўёбга чиқариш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, куни кеча Наманган вилоятининг "Ёш гвардиячилар" спорт мактаби собиқ боксчиси, вилоят чемпиони марҳум Йўлдошев Темурмалик Йигиталиевич хотирасига бағишлаб, спортнинг дзюдо ва бокс турларидан очиқ турнир бўлиб ўтди.
Бокс бўйича ушбу мусобақада Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларидан келган бир неча туманнинг иқтидорли боксчилари ўз маҳоратларини намоён этдилар. Шунингдек, дзюдо бўйича беллашувларда ҳам кўплаб спортчилар иштирок этиб, ғолиблик учун кураш олиб бордилар.
Турнир ғолиблари ва совриндорлари марҳум Йўлдошев Темурмалик Йигиталиевичнинг оиласи ҳамда Наманган вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси томонидан диплом, медал ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.