Қашқадарё вилоятида тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ ходимларига навбатдаги автотранспорт воситалари топширилди
Ички ишлар органлари тизимида хизмат самарадорлигини ошириш, ходимларнинг ҳаракатчанлиги ва жамоат тартибини таъминлашда замонавий шароитлар яратиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда Қашқадарё вилояти қўриқлаш бошқармаси тезкор ҳаракатланувчи гуруҳлари ихтиёрига 8 та махсус жиҳозланган “Кобалт” русумли автотранспорт воситалари топширилди.
Маросимда таъкидланишича, мазкур автомашиналар ходимларнинг хизмат вазифаларини сифатли ва ўз вақтида бажаришида муҳим аҳамият касб этади. Замонавий техник воситалар билан таъминланганлиги сабабли, улар ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фавқулодда ҳолатларга тезкорлик билан жавоб қайтариш ва аҳолининг хавфсизлигини таъминлашда катта ёрдамчи бўлади.
Шунингдек, тадбирда сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбари томонидан ички ишлар органлари тизимини ислоҳ қилиш, ходимларни зарур моддий-техника воситалари билан таъминлаш ҳамда уларнинг хизмат шароитларини яхшилашга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар изчил амалга оширилаётганини алоҳида таъкидладилар.
Таъкидлаш жоизки, автотранспорт воситалари билан таъминлаш тизимда хизмат интизомини мустаҳкамлаш, тезкорлик ва ҳаракатчанликни оширишга хизмат қилади. Шу орқали аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда уларга муносиб жавоб қайтариш самарадорлиги янада кучайиши кутилмоқда.