Миллий гвардия Жиззах минтақавий ўқув марказида “Зукко китобхон” интеллектуал ўйини ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Жиззах минтақавий ўқув марказида доимий шахсий таркиб ҳамда тингловчилари орасида ўзбек адабиёти, бой тарихи ва маданиятини кенг тарғиб қилиш, яқиндан таништириш ва тўпланган билимларини синовдан ўтказиш мақсадида ёзувчи Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” асари асосида “Зукко китобхон” интеллектуал ўйини ўтказилди.
Унда марказда ташкил этилган ўқув йиғинида таҳсил олаётган ҳарбийлаштирилган соқчилик бўлинмалари ходимларидан тузилган “Қалқон”, бошланғич тайёргарлик курси тингловчиларининг “Ёш гвардиячилар”, қайта тайёрлов курси тингловчиларининг “Билимдонлар” ҳамда “Темурбек издошлари” жамоалари ўзаро беллашдилар. Tанлов қизғин ҳамда музокараларга бой тарзда ўтказилди ва, тадбирнинг бадиий қисмида Зомин тумани Маданият бўлими ходимлари томонидан тайёрланган саҳна чиқишлари тингловилар ҳамда тадбир меҳмонларида илиқ таассурот қолдирди.
Беллашувда тўпланган баллар ҳакамлар ҳайъати томонидан сарҳисоб қилиниб, якуний натижаларга кўра ғолиб жамоалар аниқланди.
Фахрли 3 ўринни “Қалқон” жамоаси, фахрли 2 ўринни “Темурбек издошлари” жамоаси ҳамда фахрли 1 ўринни “Ёш гвардиячилар” жамоалари эгаллашди. Ғолиб ва совриндорларга марказ бошлиғининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Бундай тадбирларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ёшларимизнинг билим салоҳиятини ошириш ҳамда мутолаа маданиятини ривожлантиришдан иборатдир.