АНДИЖОНДА “ЁШ ГВАРДИЯЧИ” ҲАРБИЙ-СПОРТ МУСОБАҚАСИНИНГ ВИЛОЯТ БОСҚИЧИ БЎЛИБ ЎТДИ
Ўқувчи ёшларни Ватанга муҳаббат, ҳарбий бурчга садоқат руҳида тарбиялаш, улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, қолаверса, ташаббускор, шижоатли ёшларни бирлаштириш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида Миллий гвардия Андижон вилояти бўйича бошқармасида "Қўриқлаш" бошқармаси, Ёшлар агентлиги, Ёшлар иттифоқи ҳамда вилоят Мактаб ва мактабгача таълим бўлими билан ҳамкорликда “Ёш гвардиячи” ҳарбий-спорт мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мусобақада туманларда ғолибликни қўлга киритган жами 16 та жамоа иштирок этиб, 10 та шарт асосида беллашдилар. Қизғин ва муросасиз кечган мусобақанинг якуний натижаларига кўра 3 ўрин Булоқбоши тумани 55 ИДУМнинг “Ватанпарварлар” жамоаси, 2 ўрин Асака тумани 25 ИДУМнинг “Бобурийлар” жамоаси, фахрли 1 ўринни эса Бўстон тумани 48 ИДУМнинг “Темурбеклар” жамоаси қўлга киритиб, мусобақанинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Ғолиблар ташкилотчилар томонидан медаль, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. Бундан ташқари мусобақада ўзини ҳамжиҳатлиги, интизомлилиги, саф тайёргарлиги ҳамда билимдонлиги билан ажралиб турган жамоаларга турли номинациялар бўйича дипломлар топширилди.