Ўқувчилар учун минтақавий ўқув марказида очиқ эшиклар куни
Қорақалпоғистон Республикаси минтақавий ўқув маркази ходимлари томонидан ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида Нукус шаҳрида жойлашган Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академик лицейи ўқувчилари учун очиқ эшиклар куни ташкил этилди.
Мазкур тадбирда ёшларга ўқув маркази фаолияти, марказида яратилган шарт-шароитлар билан таништирилди. Тадбир доирасида қурол-аслаҳалар намойиши ташкил этилиб, Қўриқлаш хизмати афзалликлари тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Шундан сўнг от спорти бўйича маҳорат дарслари ўтказилди.
Шунингдек, ўқув маркази психолог-мутахассиси томонидан "Ёшларнинг эркин фикр юритишида юзага келадиган муаммолар" мавзусида психологик тренинг ташкил этилди.