Янгиликлар

22 Сентябрь 2025

Мактабларда хавфсиз таълим муҳитини яратиш мақсадида профилактик тарғибот тадбирлари ўтказилди

Ҳар бир боланинг хавфсиз ва осуда муҳитда таълим олиши — жамиятимиз олдида турган устувор вазифалардан биридир. Айниқса, сўнгги вақтларда таълим муассасаларида юз бериши мумкин бўлган турли хавф-хатарларнинг олдини олиш, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида хавфсизлик тизимини янада такомиллаштириш мақсадида мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу мақсадда, Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш Департаменти, Андижон вилояти Қўриқлаш бошқармаси, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда мактаб ва мактабгача таълим бошқармалари ҳамкорлигида профилактик тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Тадбирда давлат ва хусусий таълим муассасалари раҳбарлари, жавобгар ходимлар ҳамда хавфсизлик соҳасидаги мутахассислар иштирок этдилар.

Тадбирда иштирокчиларга мактабларда хавфсизликни таъминлаш, жумладан, жисмоний ва техник қўриқлаш хизматларидан фойдаланиш тартиб-қоидалари, замонавий назорат воситаларидан самарали фойдаланиш усуллари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Қўриқлаш департаменти мутахассислари томонидан мактабларда турли хил ҳуқуқбузарлик ва нохуш ҳолатларнинг олдини олишда Қўриқлаш хизматининг ўрни ва аҳамияти хусусида атрофлича тушунтиришлар ўтказилди.

Шунингдек, тадбирда таълим муассасаларида аввал содир бўлган баъзи нохуш ҳолатлар таҳлил қилинди ва уларнинг сабаблари муҳокама этилди. Бу орқали раҳбарларга хавфсизлик тизимини янада такомиллаштириш бўйича аниқ тавсия ва йўл-йўриқлар берилди. Ҳар бир мактабда хавфсизликни таъминлаш — нафақат махсус хизматларнинг, балки таълим муассасаси раҳбарияти ва ўқитувчиларнинг ҳам жавобгарлиги экани алоҳида таъкидланди.

Тадбир якунида мактабларда хавфсизлик маданиятини шакллантириш, ўқувчилар ва педагоглар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш, шунингдек, техник жиҳозларни замонавийлаштириш ва назоратни кучайтириш бўйича қатор вазифалар белгилаб олинди.