Хоразм вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг оила аъзолари учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди
Юртимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларни эрта аниқлаш ва олдини олиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, давлат ташкилотларида хизмат қилаётган ходимлар ва уларнинг яқинларига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда, Хоразм вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда фаолият юритаётган ходимларнинг оила аъзолари учун махсус равишда чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди. Ушбу тадбир доирасида турли соҳалардаги малакали шифокорлар иштирокида кенг қамровли тиббий текширувлар ўтказилди.
Қўриқлаш бошқармаси ходимларининг оила аъзолари ҳам ушбу ташаббусда фаол иштирок этишди. Улар умумий саломатлик ҳолати, юрак-қон томир тизими, кўз, тери, эндокрин ва бошқа муҳим йўналишлар бўйича тўлиқ текширувлардан ўтказилди. Зарур ҳолларда қўшимча лаборатор таҳлиллар ва шифокор маслаҳатлари ҳам берилди.
Тиббий кўрик давомида аниқланган айрим муаммолар бўйича шифокорлар томонидан зарур тавсиялар берилди, баъзи беморлар даволаниш учун ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларига йўналтирилди.
Ушбу тадбир ходимлар ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини сақлаш, касалликларни барвақт аниқлаш ҳамда профилактика қилишда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, ходимларнинг меҳнат фаолияти самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.