Янгиликлар

12 Декабрь 2024

Минтақавий ўқув марказларида навбатдаги битирувчиларга тантанали равишда сертификатлар топшириш маросимлари бўлиб ўтди

Жамоат хавфсизлиги ва объектлар ишончли қўриқловини таъминлашнинг мутлақо янги механизм ва тартиблари жорий этилиб, бу борада "Қўриқлаш" бош бошқармаси ходимларини касбий тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ишларига катта эътибор қаратилмоқда. Айни шу мақсадда Миллий гвардиянинг минтақавий ўқув марказлари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, бугунги кунда марказларда Миллий гвардия сафларига янгидан қабул қилинган ходимлар ўқитилмоқда.
Жумладан, куни кеча Миллий гвардия Тошкент, Жиззах ҳамда Фарғона минтақавий ўқув марказлари тингловчиларининг навбатдаги тантанали битирув ва қасамёд қабул қилиш маросимлари ўтказилди. Тадбирлар доирасида "Қўриқлаш" бўлинмаларининг бошланғич тайёргарлик дастури бўйича таҳсил олган ва ўқув йиғинини муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга сертификатлар топширилди.
Тадбирларда сўз олганлар мамлакатимизда юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкининг ишончли қўриғини таъминлашда камарбаста бўладиган ушбу ходимларга омад тилаб, келгуси хизматларида янада ишончли қўриқловни амалга оширишлари лозимлигини эътироф этди.
Ўқув курслари давомида сафдошларига ўрнак бўлиб, барча фанларни пухта ўзлаштирган бир гуруҳ тингловчиларга минтақавий ўқув марказлари раҳбарияти томонидан ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.