ТЕАТР - МАЪНАВИЯТ ЎЧОҒИ
Тошкент шаҳар "Қўриқлаш" бошқармаси томонидан ходимлар маънавиятини янада юксалтириш, уларда ватанпарварлик ва шукроналик туйғуларини мустаҳкамлаш ҳамда бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида пойтахтимизда жойлашган Аброр Ҳидоятов номидаги ўзбек давлат драма театрига ташриф ташкил этилди.
Томошабинларга Шаходат Исахонова асари асосида саҳналаштирилган “Тановор” спектакли намойиш этилди. Арт этно-фольклор йўналишида саҳналаштирилган мазкур спектаклда бугунги кунда дунё маданиятига интилиш жараёни фаоллашган бир даврда миллий урф-одатларни кўз қорачиқдек сақлаётган, оқибат, диёнат, инсоф, адолат каби инсонийлик фазилатлари билан барчага ўрнак бўлаётган мард, танти ва содда, оқкўнгил замондошларимизнинг бой маънавий олами кўрсатиб берилади.
Спектаклда аллалар, яллалар, лапару термалар, ёр-ёру, ўланлар куйланади. Маҳоратли актёрлар ижроси эса томошабинни беихтиёр ўзига тортади. Бежизга маърифатпарвар Маҳмудхўжа Бехбудий "Театр-бу ибратхонадир" дея таъриф бермаган. Ҳақиқатдан ҳам театр ибрат ва маънавият маскани. Бу каби масканларига мунтазам равишда ташриф буюриш ходимларнинг ўз хизмат вазифасига бўлган садоқати ва меҳрини ошириб, ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилишда муҳим аҳамият касб этади.