САДОҚАТДА ТЕНГСИЗ ДЎСТЛАР КЎНИКМАЛАРИ ОШИРИЛМОҚДА
Биламизки, юртимиз сарҳадларини ҳимоя қилиш ва қўриқлашда мамлакатимиз ҳудудига ноқонуний қурол-яроқ ҳамда тақиқланган турли гиёҳванд воситаларининг кириб келишини олдини олишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари билан бир қаторда хизмат итлари ҳам муносиб хизмат олиб боришади. Айниқса, ҳудудга яширин тарзда ноқонуний олиб кирилаётган ёки олиб чиқиб кетилаётган воситаларни аниқлашда итларнинг хизмати муҳим роль ўйнайди.
Бу борада Миллий Гвардия Самарқанд вилояти "Қўриқлаш" бошқармасида ҳам фаолият учун зарур бўлган, инсонларнинг сўзларига итоат қиладиган итларнинг зотларини кўпайтириш ва уни хизматга тайёрлаш борасида бир қатор ишлар амалга ошириб келмоқда.
Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасига қарашли ушбу Кинология хизмати марказида Миллий Гвардия Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ҳамда "Қўриқлаш" бошқармаси ҳарбий хизматчи ва ходимлари ўзларига тегишли хизмат итлари билан мунтазам равишда машғулотлар ўтказиб боради. Кинологлар итни ўзига яқин олиб, яхши кўриши лозим. Шундагида итлар кўрсатилган илиқ муносабатни ҳис қилади ва унга берилган вазифаларни аниқ ва сифатли бажаради. Шу орқали хизмат итлари ҳам кинологни яхши кўришини намоён қилади.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра хизмат итларида ҳид билиш қобилияти ўта ривожланган бўлиб, бурун орқали етти мингдан ортиқ ҳидни сеза олади.Шу боис улар хизмат чоғида кўзи билан эмас, бурун орқали қидиришни бошлайди.
Хизмат итлари саккиз, ўн йил давомида хизмат қилади. Сўнгра мутахассислар томонидан итларининг фаолияти ва кўрсаткичлари инобатга олиниб, яроқсиз деб топилганлари хизматдан озод этилади ва кинологнинг хоҳишига кўра итни ўзи билан олиб кетади ва ит эркин яшашда давом этади.