Қўриқлаш хизмати — тинч ва осуда ҳаёт кафолати
Бугунги кунда юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, мулкдорларнинг шахсий ҳамда моддий бойликларини муҳофаза қилиш масаласи алоҳида аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, қўриқлаш хизматларидан фойдаланиш нафақат эҳтиёж, балки ҳаётий заруратга айланиб бормоқда.
Шу муносабат билан, Қўриқлаш ходимлари томонидан аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида қўриқлаш хизматларининг афзалликларини тушунтириш мақсадида мунтазам равишда кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда.
Навбатдаги бундай тадбирлар Андижон ҳамда Самарқанд вилоятларида ташкил этилди. Тадбирлар доирасида Қўриқлаш хизмати мутасаддилари фуқаро ва тадбиркорлар билан учрашиб, уларга мулкий жиноятларнинг олдини олиш, хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ҳамда мулкни самарали муҳофаза қилиш бўйича амалий тавсиялар бердилар.
Шунингдек, савдо объектларини қўриқлашга олиш тартиби, “Ташвиш тугмачалари”нинг фойдаси, тезкор ҳаракатланувчи гуруҳлар фаолияти, замонавий сигнализация воситаларининг ишлаш тартиби бўйича малакали мутахассислар томонидан атрофлича тушунтиришлар берилди.
Тадбиркорларга янада қулайлик яратиш мақсадида жойнинг ўзида аризалар қабул қилиниб, шартномалар тузилди.
Қўриқлаш хизмати — бу нафақат мулк муҳофазаси, балки ҳар бир фуқаро учун тинч ва осуда ҳаёт кафолатидир. Шу сабабли, ўз мулки ва хавфсизлигини таъминлашни истаган ҳар бир фуқаро ҳамда тадбиркор қўриқлаш хизмати билан ҳамкорлик қилишга интилиши мақсадга мувофиқдир.
Айни пайтда бундай тарғибот-ташвиқот ишлари республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида изчил давом эттирилмоқда.