СПОРТЧИЛАРИМИЗДАН ХАЛҚАРО АРЕНАЛАРИДА НАВБАТДАГИ ҒАЛАБАЛАР
Жорий йилнинг 13-17 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида спортнинг кикбоксинг тури бўйича "Uzbekistan Open-3" халқаро турнири бўлиб ўтди. Ушбу нуфузли мусобақада 23 давлатдан 683 спортчи ғалаба учун қизғин кураш олиб борди. Кучли ва тажрибали спортчилар қаторида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси "Қўриқлаш" бош бошқармаси сафларида хизмат қилаётган ходимлар ҳам муносиб иштирок этишди.
Шиддатли ва муросасиз кечган баҳсларнинг якуний натижаларига кўра Бухоро вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси ходими Ҳаётов Махмуд 73 кг вазн тоифасида Евроосиё қитъаси давлатларидан ташриф буюрган спортчилар устидан ғалаба қозониб, олтин медални қўлга киритди.
Мазкур турнирда давлатимиз шаънини муносиб ҳимоя қилган Жиззах вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси ҳарбийлаштирилган қўриқлаш назоратчилари, Бозорбоев Аббос 71 кг вазн тоифасида ҳамда Мелиева Анорахон 65 кг вазн тоифасида кумуш медалларини қўлга киритдилар.
Шунингдек, жорий йилнинг 15-17 сентябрь кунлари пойтахтимиздаги "Жар" спорт мажмуасида спортнинг Джит Кун-До тури бўйича ёшлар ва катталар ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақалари ўтказилди. Мазкур мусобақада "Қўриқлаш" бош бошқармаси ходимлари хам фаол иштирок этишди.
Хусусан, Хоразм вилояти "Қўриқлаш" бошқармасининг сафдор-ходимлари Хасанов Илҳом 63 кг вазн тоифасида фахрли 1-ўринни, Исмоилов Дўст эса 76 кг вазн тоифасида фахрли 2-ўринни қўлга киритди.
"Қўриқлаш" бош бошқармаси раҳбарияти ва шахсий таркиби сафдошларимизни эришган зафарлари билан муборакбод этиб, келгуси мусобақаларда ҳам ғалаба ва муваффақиятни қўлдан бермасдан, фақат улкан ютуқ соҳиблари бўлишларини тилаб қолади!