ТЕРМИЗДА ЁШЛАР ЎРТАСИДА СТОЛ ТЕННИСИ МУСОБАҚАСИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Кейинги йилларда юртимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштиришга, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида аҳоли, айниқса ёшларимиз ўзлари хуш кўрган спорт турлари билан шуғулланиш орқали ҳар томонлама соғлом бўлиб камол топмоқда.
Миллий гвардия Сурхондарё вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси ташаббуси билан Термиз шаҳридаги 26-сонли умумтаълим мактабида ташкил этилган навбатдаги спорт мусобақаси ҳам ўғил-қизлар орасидан спортга тобланган иқтидорлиларни саралаб олишга хизмат қилди. Стол теннис бўйича ўтказилган биринчилик мусобақасида ўғил болалар ва қизлар яккалик баҳсларида ўз имкониятларини синаб кўрдилар. 100 нафарга яқин иштирокчилар қатнашган беллашувларда ёшлар чаққон ва зийраклигини намоён этдилар. Айниқса финал баҳслари янада қизғин ва муросасиз бўлди. Мусобақа якунида фахрли ўринларни қўлга киритиб ғолиб бўлган ўғил-қизлар "Қўриқлаш" бошқармаси бошлиғи томонидан диплом, медаль, кубок ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.