Янгиликлар

23 Апрель 2023

СУРХОНДАРЁДА ХИЗМАТ ВАҚТИДА ҲАЛОК БЎЛГАН ХОДИМЛАРНИНГ ОИЛА АЪЗОЛАРИ ҲОЛИДАН ХАБАР ОЛИНДИ

Хайру саховат ва шукроналик тимсоли бўлган муқаддас Рамазон ҳайити байрами муносабати билан Сурхондарё вилоятида "Қўриқлаш" бошқармаси тизимида фаолият юритиб, Ватанимиз тинчлиги, фуқаролар осойишталиги йўлида қурбон бўлган марҳум ходимлар хонадонларига ташриф буюрилиб, уларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олинди.

Миллий гвардия Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи ўринбосари, вилоят "Қўриқлаш" бошқармаси бошлиғи ўринбосари ҳамда Жарқўрғон тумани "Қўриқлаш" бўлими масъуллари тумандаги “Бешбулоқ” маҳалласида туғилиб ўсган марҳум Абзоир Турсунов ҳамда Алишер Эшмўминовларнинг хонадонларида бўлишиб, яқинларини Рамазон ҳайити айёми билан қутладилар. Уларнинг порлоқ хотираси, кўрсатган жасоратлари ёдга олинди. Бошқарма раҳбариятининг табриги етказилиб, байрам совғалари берилди.