СУРХОНДАРЁДА ҲУҚУҚНИ МУҲОФАЗА ҚИЛУВЧИ ОРГАН ХОДИМЛАРИ СТОЛ ТЕННИСИДА ОМАДЛАРИНИ СИНАБ КЎРИШДИ
Куни кеча Термиз шаҳрида “Динамо” жисмоний тарбия ва спорт жамияти Сурхондарё вилояти Кенгаши масъуллари томонидан вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилари ўртасида спортнинг стол тенниси тури бўйича вилоят биринчилиги мусобақаси ташкил этилди.
Унда Миллий гвардия, “Қўриқлаш”, ДХХ, ИИБ ҳамда Божхона бошқармалари, Жанубий оператив қўмондонлиги, ДХХ Чегара қўшинлари, “Термиз” халқаро аэропортида хавфсизликни таъминлаш бўйича алоҳида батальонидан саралаб олинган спортчилар жамоавий ва шахсий биринчилик йўналишларида ўзаро беллашишди.
Қизғин баҳсларга бой тарзда ўтган учрашув натижаларига кўра эркаклар ўртасида жамоавий ўйинда фахрли биринчи ўринни ДХХ Чегара қўшинлари вакиллари қўлга киритган бўлса, иккинчи ўринни вилоят “Қўриқлаш” бошқармаси жамоаси эгаллади. Учинчи ўринни эса ДХХ бошқармаси спортчилари қўлга киритишди.
Аёллар ўртасида жамоавий мусобақада биринчи ўринни вилоят ИИБ жамоаси, иккинчи ўринни Миллий гвардия бошқармаси, учинчи ўринни ДХХ бошқармаси жамоаси қўлга киритди.
Шунингдек, шахсий биринчилик бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, барча ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг дипломи, медаль, кубок ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.