Ҳар йили ўтказиладиган Миллий гвардия кинолог-мутахассисларининг хизмат кўпкураши бўйича очиқ мусобақасига старт берилди.
Бугун Божхона қўмитасининг Миллий кинология марказида Миллий гвардия ташаббуси билан ҳар йили ўтказиладиган Миллий гвардия кинолог-мутахассисларининг хизмат кўпкураши бўйича очиқ мусобақасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Миллий гвардия Қўмондони ўринбосари полковник М.Ж.Ғаниев ҳамда Божхона қўмитаси раиси ўринбосари полковник Чориев О.Б. лар сўзга чиқиб, мусобақа иштирокчиларига олдинда турган муросасиз баҳсларда омад ва зафарлар тилашди.
Таъкидлаш жоизки, бу йилги мусобақада Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Божхона қўмитаси, Ички ишлар вазирлигининг сараланган мутахассислари билан бир қаторда Россия Федерацияси, Хитой, Қозоғистон ва Беларусь Республикаларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари кинолог-мутахассислари ҳам иштирок этишмоқда.
5 кун давом этадиган мусобақада жами 12 та жамоа, 27 нафар кинолог-мутахассислар иштирок этиб, шаҳар ва дала шароитида из қидирув, шартли жиноятчини зарарсизлантириш, тўсиқларни енгиб ўтиш ҳамда 1600 метр масофага хизмат ити билан югуриш, махсус машқларни бажариш сингари шартларда беллашишади.
Бугун мусобақанинг 1 куни доирасида иштирокчилар шартли жиноятчини зарарсизлантириш шарти бўйича куч синашишди.
Мусобақа жараёнларидан ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларимиз орқали батафсил маълумот бериб борилади.