Янгиликлар

22 Апрель 2025

Қўриқлаш ходимлари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйинлари ўтказилмоқда

Қўриқлаш Департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ходимлар ўртасида турли маърифий ва интеллектуал тадбирлар ташкил этилмоқда.
Жумладан, Наманган вилоятининг Давлатобод туманида жойлашган “Янги Ўзбекистон ёшлари – Зиё маскани”да ходимлар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини бўлиб ўтди. Ушбу беллашувда тўртта жамоа фаол иштирок этди ва ўз билими, зеҳни ҳамда жамоавий ҳамкорликда ишлаш маҳоратини намоён қилди.
Қизғин ва руҳлантирувчи тарзда ўтган ўйин якунида “Темурийлар” жамоаси барча рақибларини ортда қолдириб, муносиб ғалабага эришди.
Бу каби интеллектуал ўйин Тошкент минтақавий ўқув маркази тингловчилари ўртасида ҳам “Амир Темур издошлари” шиори остида ўтказилди.
Унда жамоаларга Соҳибқирон ҳаёти ва фаолиятига оид қизиқарли маълумотлар, унинг жаҳон майдонида тутган ўрни ва аҳамияти, амалга оширган буюк бунёдкорлик ишлари, давлат бошқарув санъати ҳамда саркардалик маҳорати билан боғлиқ саволлар берилди.
Қизиқарли ва баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтказилган беллашув якунига кўра берилган саволларга тез ва аниқ жавоб берган “Қалқон” жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндорлар, шунингдек фаол иштирок этган ходимлар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Таъкидлаш жоизки, бундай маънавий-маърифий тадбирлар ходимлар ўртасида ижобий рақобат муҳитини яратиш, билим ва интеллектуал салоҳиятни ошириш, шунингдек, жамоавий руҳни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.