Янгиликлар

6 Ноябрь 2025

Қўриқлаш департаментида спорт мусобақалари якунланди

11 ноябрь — Ўзбекистон Касаба уюшмалари куни муносабати билан Қўриқлаш департаменти бўлинмалари жамоалари ўртасида мини-футбол ва стол тенниси спорт турлари бўйича мусобақалар бўлиб ўтди.

Тадбир соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ходимлар ўртасида жипслик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, шунингдек, уларнинг жисмоний тайёргарлигини ошириш мақсадида ташкил этилди. Беллашувларда Қўриқлаш департаментининг турли бўлинмаларидан иборат 10 та жамоа иштирок этиб, қизғин ва дўстона руҳдаги баҳсларни намоён этди.

Мини-футбол бўйича баҳслар натижалари қуйидагича:
3-ўрин — Хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналарини қўриқлаш бўйича алоҳида батальон жамоаси;
2-ўрин — Тошкент шаҳар Қўриқлаш бошқармаси жамоаси;
1-ўрин — Давлат органлари объектларини қўриқлаш бўйича бошқарма жамоаси.

Стол тенниси бўйича мусобақа натижалари эса қуйидагича:
3-ўрин — Қўриқлаш департаменти Илмий-тадқиқот маркази хизматчиси Хатамова Ширина;
2-ўрин — Тошкент шаҳар Қўриқлаш бошқармаси ходимаси Пирнафасова Аълохон;
1-ўрин — Қўриқлаш департаменти ходимаси Юнусова Дилбар эгаллади.

Тадбир якунида Қўриқлаш департаменти раҳбарияти ва Касаба уюшмалари масъуллари сўзга чиқиб, иштирокчиларни байрам билан табриклади ҳамда ғолиб ва совриндорларга диплом, кубок ва эсдалик совғаларни топширди.