Янгиликлар

10 Август 2023

КУЧ МАСЪУЛИЯТ ВА ИРОДАНИНГ ШАКЛЛАНИШИДА СПОРТНИНГ ЎРНИ МУҲИМ

Жамиятимизда соғлом турмуш тарзини шакллантиришда спортнинг алоҳида ўрни бор. Бу борада айниқса хавфсизликка, тинчликка масъул ходимлар етакчиликни қўлдан бермай келишмоқда. Уларнинг турли спорт турнирларида эришаётган юқори натижалари сўзимизга яққол исбот бўла олади. Зеро, қудратли армия тинч ва осойишта ҳаётимиз кафолатидир.

Ҳарбий хизматчи ва ходимларни спортга янада кенг жалб этиш ва уларнинг жисмоний тайёргарлик ҳолатларини яхшилаш мақсадида Қашқадарё вилояти Миллий гвардияси ҳарбий хизматчи ва ходимлари, ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ўртасида "Динамо" биринчилиги учун мусобақа ўтказилди.

Беллашувлар бошланишидан аввал қатнашувчиларга малакали мураббий томонидан маҳорат дарслари ўтказилди. Шундан сўнг беллашувларга старт берилди. Мусобақа ёрқин спорт лаҳзалари, ҳалол рақобат ва шахсий ғалабаларга бой бўлди. Машғулотлар давомида ўз мерганликларини намоён этган соҳа вакиллари муносиб эътироф этилди.

Муросасиз кечган баҳсларда энг моҳир мерганлар аниқланди ва ғолиблар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Кўринганидан кўра анча кўп куч ва диққат талаб қиладиган спорт турларидан бири ҳисобланган камондан ўқ отиш инсонни жисмоний чиниқтиришдан ташқари ақли жиҳатдан юксалишига ҳам ёрдам беради.

Ўтказилаётган бу каби тадбирлар ходимларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратиш, иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ишларини тизимли ташкиллаштириш, буюк аждодларимиз Амир Темур, Бобур Мирзо, Жалолиддин Мангубердилардан мерос бўлиб қолган камондан отиш анъаналари ва қадриятларини келажак авлодларга етказиш, миллий спорт турларини кўпайтириш каби эзгу мақсадларга хизмат қилаётганлиги билан аҳамиятлидир.