"ҚЎРИҚЛАШ" ХИЗМАТИ ХОДИМЛАРИ ТОМОНИДАН ВАТАНПАРВАРЛИК ВА КЎНГИЛОЧАР ТАДБИРЛАРИ, СПОРТ МУСОБАҚАЛАРИ ЎТКАЗИЛИБ КЕЛИНМОҚДА
Мамлакатимизда навқирон авлод саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг жисмоний, интеллектуал ва маънавий ривожланиши учун кенг имконият ва қулай шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, оромгоҳларда дам олаётган ўғил-қизларнинг ёзги таътил вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида "Қўриқлаш" хизмати ходимлари томонидан ватанпарварлик ва кўнгилочар тадбирлари, спорт мусобақалари ўтказилиб келинмоқда.
Жумладан, куни кеча Наманган, Фарғона ва Самарқанд вилоятларидаги оромгоҳларда ҳам ташкил этилиб, тадбир давомида болажонларда ватанга бўлган муҳаббат, садоқат ва жасорат туйғуларини шакллантириш мақсадида Миллий гвардия ходимларининг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.
Ҳарбий оркестр жамоаси томонидан ижро этилган мусиқали чиқишлар тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотган бўлса, болалар ўртасида спортнинг сузиш, волейбол ҳамда шахмат-шашка турлари бўйича ташкиллаштирилган спорт мусобақалари болалар учун қизиқарли бўлиб, уларга бир олам қувонч бағишлади.
Шундан сўнг камондан отиш спорт тури бўйича маҳорат дарслари ҳам ташкил этилди.
Тадбирда сўз олганлар ўқувчи ёшлар ёзги таътилни мароқли ўтказиши, бунинг учун оромгоҳда яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланиш дўстлар орттириши, билим ва кўникмаларини янада бойитиб боришлари ҳамда ватанпарварлик руҳида камол топишлари лозим эканлиги, бу борада эса Миллий гвардия доим кўмакдош бўлишга тайёр эканлиги хусусида тўхталиб ўтдилар.
Якунда фаол иштирок этиб, юқори натижалар қайд этган болажонлар диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.