МУРУВВАТ УЙИДАГИ КЕКСАЛАР ҲОЛИДАН ХАБАР ОЛИНДИ
Кириб келаётган Қурбон ҳайит байрами муносабати билан республикамиз бўйлаб меҳр-саховатга муҳтож, алоҳида эътибор талаб қиладиган, ёлғиз кексалар, шунингдек, нуроний отахон-онахонларимиз ҳолидан хабар олиш азалий анъаналаримиздан бири ҳисобланади.
Шу муносабат билан Миллий гвардия Хоразм вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси томонидан Қурбон ҳайити байрами муносабати билан Урганч туманидаги “Мурувват" уйида истиқомат қилаётган кекса отахон-онахонларнинг холидан хабар олинди.
Уларга бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари олиб борилиб, байрам дастурхони ёзилди. Миллий куй-қўшиқлар садоси остида кексаларимизга байрам кайфияти улашилди. Мўйсафид отахонларимиз томонидан шундай тинч, фаровон мамлакатда истиқомат қилаётганлигимизга шукрлар айтилиб, дуога қўл очилди.
Ўтказилган тадбир отахон ва онахонларимиз учун бир олам ижобий таассуротларга бой тарзда ўтди.