Республикамиз бўйлаб ўтказилаётган “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остидаги умумхалқ хайрия ҳашарида Миллий гвардия ходимлари фаол иштирок этишмоқда
Юртимизга янгиланиш ва яшариш айёми бўлмиш Наврўзи олам кириб келмоқда. Мамлакатимизда байрамини муносиб нишонлаш, маҳаллалар, аҳоли турар жойларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 16-18 март кунлари “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумхалқ хайрия ҳашари бўлиб ўтмоқда.
Мазкур умумхалқ хайрия ҳашарида Миллий гвардия "Қўриқлаш" бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари эрта тонгдан кўнгилли равишда фаол иштирок этишяпти. Жумладан, республикамиз бўйлаб "Қўриқлаш" бошқарма ҳамда бўлимлари ҳудудлари тозаланиб, кўча юзлари ободонлаштирилмоқда, маҳаллалардаги манзарали ва мевали дарахтлар оқланиб, гуллар бегона ўтлардан тозаланмоқда. Миллий гвардия боғларида экилган дарахтлар тупроқлари юмшатилиб, остига сувлар қуйилмоқда. Бундан ташқари аҳоли турар жойлари, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, мўътабар масканлар, болалар майдончалари тартибга келтирилиши режалаштирилган.
Бир сўз билан айтганда, “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашарида Миллий гвардия халқ билан ҳамнафас бўлиб, ҳамжиҳатликда ватанимиз ободлиги йўлида ўз ҳиссаларини қўшишмоқда.