"ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАРИ, БИРЛАШАЙЛИК!" ШИОРИ ОСТИДА ЁШЛАР ФЕСТИВАЛИ ЎТКАЗИЛДИ
Ёшларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини ошириш ҳамда Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш каби мақсадларни илгари сурган ҳолда ҳарбий-ватанпарварлик фестиваллари, ёшлар сайллари ва маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.
Куни кеча Андижон вилоятининг Марҳамат туманида ҳам Андижон ҳарбий прокуратураси, "Қўриқлаш" бошқармаси, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, шарқий ҳарбий округ қўшинлари ҳамда Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмлар билан ҳамкорликда "Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!" шиори остида ҳарбий-ватанпарварлик тадбири ўтказилди. Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни қуролли кучлар сафида хизмат қилишга бўлган қизиқишларини ошириш, спорт турлари орқали уларни соғлом турмуш тарзига ундаш ҳамда бўш вақтларидан унумли фойдаланишларига қаратилган мазкур тадбирда ёшлар спорт турлари бўйича ўзларининг кучлари, мерганликлари ва билим салоҳиятларини намойиш қилдилар. Шунингдек ходимлар томонидан саҳналаштирилган кўргазмали чиқишлар йиғилганларга хуш кайфият бағишлади.
Тадбир сўнгида спорт мусобақаларида муносиб иштирок этган иштирокчиларга ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалар топширилди.