Жисмоний ва юридик шахслар мол-мулклари дахлсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва устувор вазифалар юзасидан ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди
Хоразм вилояти Қўриқлаш бошқармасида ижрочилик интизоми, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулки дахлсизлигини таъминлаш, шунингдек, тизимда мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Бошқарма бошлиғи полковник Б.М.Хасанов сўзга чиқиб, вилоят ҳудудидаги Қўриқлаш фаолиятини таҳлил этиб, соҳада амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган натижалар, шунингдек, йўл қўйилаётган камчиликлар ҳақида атрофлича маълумот берди. Хусусан, жисмоний ва юридик шахслар мулкининг хавфсизлигини таъминлаш, замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш ҳамда хизмат интизомини кучайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб ўтди.
Шунингдек, шаҳар ва туман Қўриқлаш бўлимларининг фаолияти танқидий руҳда кўриб чиқилиб, ҳар бир бўлим кесимида мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари муҳокама қилинди.
Йиғилиш якунида, коррупция, фирибгарлик, йўл-транспорт ҳодисалари каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тайёрланган видеороликлар шахсий таркибга намойиш этилди. Бу, ўз навбатида, ходимлар орасида ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, масъулиятни оширишга қаратилган тарғибот тадбирларидан бири сифатида хизмат қилди.