ЁШ ГВАРДИЯЧИЛАР ЎРТАСИДА МУСОБАҚАЛАР БЎЛИБ ЎТДИ
Мамлакатимизда ёшларни Ватан равнақи, юрт тинчлиги ғояси асосида бирлаштириш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини шакллантириш, соғлом эътиқодли, ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир. Айни шу мақсадда республикамизнинг барча ҳудудларда Миллий гвардия ташаббуси билан умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари иштирокида "Мен ватанпарварман" шиори остида мусобақа ва кўрик-танловлар ўтказилмоқда.
Жумладан, куни кеча Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий ва Наманган вилоятларида жойлашган мактабларида ҳарбий-ватанпарварлик синфлари ўқувчилари ўртасида мазкур беллашувларнинг туман босқичлари ўтказилди. Унда иштирокчилар саф ҳамда тиббий тайёргарлик, камондан отиш, турникда тортилиш, ҳарбий қуролни қисмларга ажратиш ва йиғиш ва шу каби спорт эстафета машғулотларини бажариб, ўзаро куч синашишди.
Шунингдек, ўтказилган кўрик танловлар қизғин савол ва жавобларга, бир биридан чиройли саҳна кўринишларига бой тарзда бўлди.
Якунда эса ғолиб ва совриндор жамоалар ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Ғолибликни қўлга киритган жамоаларга навбатдаги босқичларда қатнашиш учун йўлланма берилди.