Янгиликлар

2 Июнь 2025

“Оила – ходим – раҳбар самимий мулоқот ойлиги” доирасида учрашув ўтказилди

Тошкент шаҳар Қўриқлаш бошқармаси шахсий таркиби ва уларнинг ота-оналари иштирокида “Оила – ходим – раҳбар самимий мулоқот ойлиги” доирасида бир қатор учрашувлар режалаштирилган бўлиб, шуларнинг бири Мирзо Улуғбек тумани Қўриқлаш бўлими шахсий таркиби билан ўтказилди.

Учрашув давомида оиланинг ходим ҳаётидаги ўрни ва хизмат фаолиятига кўрсатадиган таъсири ҳақида очиқ мулоқотлар ўтказилди. Хусусан, оиладаги ижобий муҳит, ота-оналарнинг фарзандлари фаолиятига бўлган эътибори ва қўллаб-қувватлови хизмат самарадорлигини оширишда муҳим омил экани таъкидланди.

Тадбирда хизматда фидойилик кўрсатиб, ижобий фазилатлари билан бошқаларга ўрнак бўлаётган бир гуруҳ ходимларнинг ота-оналарига бошқарма номидан ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Бу ҳолат ота-оналарда фахр ва ғурур ҳиссини уйғотди.

Шунингдек, тадбир якунида ота-оналарда фарзандларининг кундалик хизмат фаолияти қандай тартибда ташкиллаштирилгани ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилишлари учун махсус кўргазмалар ташкил этилди.

Мазкур учрашув хизмат ва оила ўртасидаги мустаҳкам алоқаларни ривожлантириш, ходимларнинг маънавий рағбатини ошириш ҳамда самимий мулоқот муҳитини шакллантиришда муҳим қадам бўлди.