ЁШЛАР ОЙЛИГИ ДОИРАСИДА РАҲБАР ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ
Ёшлар ойлиги доирасида ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик рухида тарбиялаш, ўғил-қизларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида Миллий гвардия Наманган вилояти бўйича бошқармаси томонидан "Ватаннинг содиқ ёшлари" ўқув йиғинига жалб қилинган ёшлар иштирокида "Раҳбар ва ёшлар" учрашуви ўтказилди.
Миллий гвардия раҳбарияти, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар иттифоқи Наманган вилояти кенгаши, Жамоат хавфсизлиги университет ўқитувчилари ҳамда вилоят ҳарбий прокуратураси ходимлари иштирокида бўлиб ўтган тадбирда юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, уларнинг илм олиши, касб-ҳунар ўрганиши учун яратилган шароитлар, истеъдод ва иқтидорларини юзага чиқаришга қаратилган тадбирлар хусусида сўз борди. Шу билан бирга ёшлар билан боғлиқ жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ўғил-қизларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Иштирокчиларнинг мурожаат ва таклифлари тингланиб, барча кўтарилган масалаларни жойида ҳал этишга эътибор қаратилди.
Шунингдек, учрашув давомида ватанпарварлик тадбири ҳам ташкил этилиб, унда Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва ходимлари томонидан кўргазмали чиқишлар намойиш этилди. Иштирокчилар махсус техника ва жиҳозлар билан яқиндан танишдилар, ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислардан батафсил жавоб ва тушунчалар олдилар.