“Раҳбар ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Тошкент шаҳар "Қўриқлаш" бошқармасининг Маънавият-маърифат маркази анжуманлар залида Миллий гвардия ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида Миллий гвардия томонидан оталиққа олинган ёшлар билан “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.
Учрашувда Миллий гвардия қўмондони ўринбосари, полковник С.Мамаюсупов, Ёшлар ишлари Агентлиги директор ўринбосари А.Мўминов, "Қўриқлаш" бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, полковник M.Ўринбоев, Миллий гвардия қўмондонлиги, Жамоат хавфсизлиги университети, ҳарбий қисм ва "Қўриқлаш" бўлимлари ходимлари ҳамда Тошкент шаҳри ва туманларининг 4-секторларидаги 73 та МФЙда истиқомат қилувчи 150 нафардан зиёд оталиққа олинган ёшлар иштирок этди.
Маросимда сўзга чиққанлар тадбир очиқ мулоқот шаклида ўтаётганлигига алоҳида урғу бериб, ёшларнинг муаммоларини ўрганиш, уларни ўз вақтида бартараф этиш, асосийси, ёшларнинг жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши давлатимизнинг бош мақсадларидан бири эканлигини таъкидлади.
Шундан сўнг, тадбирнинг асосий иштирокчилари бўлган ёшлар билан самимий ва очиқ суҳбат ўтказилди. Унда ёшларнинг муаммолари ўрганилиб, таклиф ва мулоҳазалари тингланди, шунингдек, муаммоларни бартараф этиш ва таклифларни амалга ошириш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, тадбирда масъуллар томонидан юртимизда ёш авлоднинг соғлом, маънан етук инсон бўлиб улғайиши, замонавий билимларни пухта эгаллаши учун яратилаётган шарт-шароитлардан оқилона фойдаланиш келгусида улкан марраларга эришишга замин яратиши алоҳида таъкидланди.
Тадбир доирасида ёшларни муносиб иш топишлари учун меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Унда турли йўналишларда фаолият юритаётган ўттиздан ортиқ давлат ва хусусий корхона вакиллари ўзларининг бўш иш ўринлари билан қатнашди ва ишга киришга қизиқиш билдирган ёшлар билан меҳнат шартномаларини имзоладилар.
Тадбир доирасида ўтказилган ҳарбий техникалар кўргазмаси эса, ёшларда ҳарбий соҳага бўлган қизиқиш юқори эканлигини яна бир бор исботлади.
Юқори шукуҳда кечган “Раҳбар ва ёшлар” учрашувининг бадиий қисмида янграган Ватанни ҳамда Ватан ҳимояси шарафли бурч эканлигини тараннум этувчи куй ва қўшиқлар барчага манзур бўлди.