"Ватан учун, Миллат учун, Халқ учун!" шиори остида "Заковат" интеллектуал ўйини ташкил этилди
А.С.Пушкин номидаги Самарқанд вилояти Ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан "Ватан учун, Миллат учун, Халқ учун!" шиори остида заковат ўйини ташкил этилди.
Унда Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасининг "Қомус", вилоят Қўриқлаш бошқармасининг "Янги авлод", Ахборот-кутубхона марказининг "Китобхон", Самарқанд давлат университетининг "Ёш ижодкор" жамоалари ўзаро баҳс олиб боришди.
Ўйин давомида иштирокчилар мустақил Ўзбекистон тарихи ва ютуқларига бағишланган саволларга жавоб беришди. Танлов иштирокчилари мамлакатнинг муҳим воқеалари, таниқли арбоблари ва маданий анъаналари ҳақидаги чуқур билимларини намойиш этишлари керак эди.
Якуний натижаларга кўра вилоят Қўриқлаш бошқармасининг жамоаси фахрли 1-ўринни, вилоят Ички ишлар бошқармасининг жамоаси 2-ўринни, Самарқанд давлат университетининг жамоаси эса 3-ўринни қўлга киритишди.
Ғолиблар ташкилотчилар томонидан диплом ва китоблар жамланмаси билан тақдирланишди.